Дастлаб, Б.Маматқулов томонидан бошқарув ва ишлаб чиқариш тизимида эришилган натижалар, таркибий-тадрижий ўзгаришлар хусусида маълумот берилди. Қайд этилдики, ҳар қандай бизнес тузилма, худди тирик организм сингари, давр ва глобал жараёнлар силсиласида ўз бошқарув тизимини доимий равишда такомиллаштириб, олдига қўйган илғор марра ва вазифаларни адо этишга қодир бўлган рақобатбардош яҳлит механизмга айланиб бориши тақозо этилади.
Шу боис BMB HOLDING компаниясида бошқарув фаолиятини такомиллаштириб, раҳбар ходимлар масъулият даражасини муносиб тарзда белгилаш, ижро назоратини кучайтириш талабларига мувофиқ ташкилий-таркибий мажмуани оптималлаштириш мақсадида тасарруфидаги корхона ва ташкилотлар ҳамда бош офис дапартаментларига юқори малакали янги раҳбарлар тайинлаш амалиёти қўлланилмоқда.
Кенгайтирилган йиғилишда компаниянинг 2023 йил 9 ойлик фаолияти якунлари сарҳисоб қилинди ва келгусидаги истиқболли стратегик вазифалар, жумладан: инвестицион салоҳият ва экспорт географиясини кенгайтириб, ташқи иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш хажмини ошириш ҳисобига чуқур қайта ишлаш, ташқи бозорларни ўзлаштиришда қўшимча қиймат яратувчи экспортбоп маҳсулотлар тайёрлаш каби муҳим йўналишлар муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, аграр сектордаги кластер ва корхоналарга мавсум давомидаги дала ишларини рационал режалаштириш, ерлар мелиоратив ҳолатини яхшилаб, сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш, шунингдек, суғориладиган янги майдонларни ўзлаштириш, экин участкаларини лазер усулида текислаш, пирвардида эса, меҳнат унумдорлиги, юқори ҳосилдорлик ҳамда маҳсулотлар таннархини пасайтиришга қаратилган қатор амалий таклиф ва тавсиялар берилди.
Йиғилиш чоғида компания таркибига кирувчи корхона-ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботлари, янги режалари эшитилиб, қизғин манфаатдорлик руҳида муҳокама қилинди.
Шунингдек, холдинг таркибида “BMB Медиа марказ”и ташкил этилгани, ҳамда ушбу мақсадда Бош офис биносида махсус студия павильонлари ва замонавий аудиовизуал ускуналар билан жиҳозланган конвергент медиа-платформа яратилаётгани, бу эса, охир оқибатда, компания кенг кўламли фаолияти янада очиқ, шаффоф ёритилишига хизмат қилиши таъкидланди.
Йиғилиш якунлари бўйича компаниянинг 2024 йилга мўлжалланган ривожланиш стратегиясини мақсадли амалга ошириш бўйича зарур чора-тадбирлар дастури белгиланди.