Ўзбекистон-Италия ҳамкорлиги: Италия Президенти заъфарон кўргазмасида

Ўзбекистон-Италия ҳамкорлиги: Италия Президенти заъфарон кўргазмасида
Жорий йилнинг 9-11 ноябрь кунлари давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таклифига биноан Италия Республикаси Президенти Сержо Маттарелла расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлиб турибди.
Ташриф доирасида олий даражадаги музокаралар ўтказилиб, ҳар икки мамлакат ўртасида стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва устувор йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Мулоқотлар якунида Қўшма баёнот қабул қилиниб, давлат раҳбарлари ҳузурида қатор келишувлар имзоланди.
Италия Президентининг бой маданий-тарихий меросимиз билан танишиш мақсадида Самарқанд шаҳарига қилган сафари – ташриф дастурида белгиланган асосий воқеалардан бири бўлди. Меҳмонларнинг кўҳна кентимиз бой асори атиқалари ва меъморий мажмуаларидан баҳраманд бўлиши баробарида, Италия етакчиси, жумладан Самарқанд шаҳрида заминимизда етиштирилаётган, ҳамда Ўзбекистон-Италия ҳамкорлигининг ёрқин тимсолига айланган заъфаронга бағишланган махсус кўргазмани ҳам кўздан кечирди.
Маълумки, 2020 йилдан бошлаб BMB HOLDING ва FIN.OPERA s.r.l. (Италия) компаниялари таъсисчилигида ташкил этилган BMB-OPERA ZAFFERANO қўшма корхонаcи томонидан Жиззах вилояти Бахмал туманидаги катта майдонларда заъфарон етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш бўйича инвестицион лойиҳа мувафаққиятли амалга ошириб келинмоқда. Ҳозирда халқаро сифат сертификатларига эга қўшма корхона маҳсулоти дунёнинг кўплаб мамлакатларига экспорт қилинмоқда.
Олий мартабали меҳмонга ушбу ҳамкорлик истиқболлари ҳақида маълумот берган BMB HOLDING Кузатув кенгашининг раиси Бекзод Маматқулов ташкил этилажак заъфарон кластери мажмуасида пазандачилик, фармацевтика ва бошқа қатор тармоқлар учун ўсимликни қайта ишловчи янги қувватлар барпо этилиши натижасида ҳудудда минглаб қўшимча иш ўринлари яратилиши ва кўплаб қишлоқ оилалари доимий даромад манбаига эга бўлиши ҳақида сўзлаб берди.
Италия президенти BMB-OPERA ZAFFERANO қўшма корхонаcининг узоқ муддатли режаси – заъфарон етиштириш, уни қайта ишлаш ва экспортга йўналтиришнинг яхлит занжирини кенгайтириш орқали халқаро бозорда етакчи мавқе ва даражаларга эришишига катта ишонч билдирди.

Янгилик билан ижтимоий тармоқларда улашинг:

Тэглар:

Бошқа янгиликлар: