ИЛМИЙ АСОСДАГИ АГРОТЕХНИК ТАДБИРЛАР ДАВОМ ЭТМОҚДА
Бугунги кунда мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш табиий, жаҳон стандартларига жавоб бера оладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қишлоқ хўжалиги тизимида юқори сифатли ҳамда мўл ҳосил олиш учун ҳар битта агротехник тадбир ўз вақтида, таъбир жоиз бўлса, бир кун ҳам кечиктирилмасдан бажарилиши зарур.
Айни кунларда BMB HOLDING тизимидаги кластерлар майдонларида юртимиздаги ва хориждаги илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликда бу йилги ҳосил учун ерга минерал ўғитлар билан ишлов бериш ишлари олиб борилмоқда.
Эътиборга молик томони шундаки, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Биоорганик кимё институти академиги Тоҳир Фотиҳович Арипов бошчилигида ўтказилаётган барча агротехник тадбирлар илмий асосда, тупроқ, иқлим, сув, об-ҳаво омилларини ҳисобга олган ҳолда ташкил этилмоқда.
Бир неча кундан буён академия таркибидаги “Fan Don” МЧЖ томонидан “Fan Agro” савдо белгиси остида ишлаб чиқарилаётган сувда эрувчан, комплекс минерал ўғитлар билан ишлов бериш ишлари давом эттирилмоқда.
Мазкур ўғитлар ўсимликликларни озиқлантириш тизимида фойдаланиш учун мўлжалланган бўлиб, тўлиқ сувда эрувчан ва ўсимлик томонидан ўзлаштириладиган ҳолатга ўтказилган. Бунинг натижасида эса ўғитлар ёрдамида ўсимликлар керакли озуқалар, фойдали минерал моддалар билан таъминланади.
Соҳа мутахассислари томонидан амалга оширилаётган шу каби тадбирлар экспортбоп, юқори сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда муҳим аҳамиятга эга.