Қувайтнинг йирик инвестицион компаниялари раҳбарияти билан учрашув ўтказилди
Жорий йилнинг 15 апрель куни мамлакатимизнинг Қувайтдаги элчихонаси кўмагида, BMB HOLDING Бош офисида Кузатув Кенгаши Раиси Бекзод Маматқулов ҳамда Кувайтнинг «Marafie Group» ҳолдинги Бошқарув кенгаши раиси Абдулҳаким Марафи ва “Al-Tijaria” компанияси раҳбари ўринбосари Аҳмад Шакиб ўртасида икки томонлама учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида икки мамлакат ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик масалалари бугун жадаллик билан ривожланаётгани таъкидланди ҳамда сўнгги йилларда мамлакатимизда эркин ишбилармонлик муҳити йўлга қўйилгани, хорижий инвесторлар учун жозибадор инвестицион майдон яратилиб, йилдан йилга ривожланаётгани алоҳида қайд этилди.
Шунингдек, «Marafie Group» ҳолдингининг бир асрдан кўпроқ вақт мобайнида савдо, кўчмас мулк, меҳмонхона хўжалиги, пудратчилик, қурилиш, ишлаб чиқариш, лойиҳалаш ва кўплаб тегишли сегментларда амалга ошириб келаётган лойиҳалари тўғрисида маълумот берилди.
Ўз навбатида, қувайтлик ишбилармонларга BMB HOLDING’нинг фаолият кўлами, хусусан, заъфарон етиштириш, озиқ-овқат саноати, хизмат кўрсатиш, маҳсулотларни чуқур қайта ишлаш, ижтимоий инфратузилмалар барпо этиш ва бошқа йўналишларда ҳозирда муваффақиятли амалга оширилаётган ҳамда истиқболдаги лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.
Учрашув якунида яқин келажакда икки ташкилот ўртасида манфаатли келишув орқали ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга ҳамда мавжуд имкониятлардан янада самарали фойдаланишга келишиб олинди.
Al Tijaria — 1968 йилда ташкил этилган ва 2000 йилда қайта тузилган, тижорат кўчмас мулк компанияси ҳисобланади. Компания 52 йилдан ортиқ фаолият юритиб келмоқда ва 2004 йил охирида Қувайт фонд биржасида рўйхатга олинган. Компания тўланган капитал бўйича Қувайт давлатидаги энг йирик кўчмас мулк компанияларидан бири ҳисобланади.