ДУНЁГА МАШҲУР ТУРК ОШХОНАСИНИНГ ГАСТРОНОМИК ТАЖРИБАСИ ЎРГАНИЛДИ
Хабарингиз бор, BMB HOLDING хизмат кўрсатиш ва туризм соҳаларини ривожлантиришда ҳам бир қанча лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириб келмоқда.
Халқаро тажриба юқорида таъкидланган соҳаларда доимо муҳим ҳисобланган. Шу нуқтаи назардан Ҳолдинг тизимидаги BMB Za’faron ресторанлар тармоғи раҳбариятининг Туркияга хизмат сафари ташкил этилди.
Хизмат сафари давомида Истанбул ва бошқа шаҳарлардаги етакчи ресторан ва меҳмонхоналари, у ердаги замонавий гастрономия тенденциялари, технологиялар ва бошқарув тизимлари ўрганилди.
Турк ошхонасининг бой маданий мероси ва инновацион ёндашувлари, Ўзбекистон бозорига мослаштирилган ноёб таомлар ва хизмат кўрсатиш стандартларини шакллантиришда катта ёрдам беради.
Шунингдек, Истанбулнинг марказида жойлашган ва дунё бўйлаб танилган брендлардан бири ҳисобланган «Nusr-Et Steakhouse Kapalıçarşı» ресторани, ўзига хос гўштли таомлари, юқори даражадаги хизмат кўрсатиш ҳамда маҳоратли ошпаз Nusr-et Gökçe (Salt Bae) билан машҳур. Ҳолдинг вакиллари бу ресторанда хизмат кўрсатиш маданияти, юқори сифатли маҳсулотлардан фойдаланиш ҳамда таомларнинг нозик ва мазали усулда тайёрланиш технологияларини, яна бир нуфузли ресторан — «BESO» нинг эса ўзига хос атмосфераси ва таомларни тақдим этишдаги инновацион ёндашувини ўргандилар.
Қолаверса, бир қатор ресторанлар: «Karaköy Lokantası», «Neolokal», «Mikla» ҳамда «Ciya Sofrası» каби ресторанлар билан тажриба алмашиш ва заъфаронли таомлар тайёрлаш ва уларнинг сонини ошириш борасида ҳамкорлик қилишга келишиб олинди. Умуман олганда, бу каби «тажриба миграцияси» нафақат ресторанлардаги мазали таомлар ва хизмат кўрсатишни яхшилашга ёрдам беради, балки, туризм саноатини ривожлантиришда ҳам муҳим аҳамиятга эга.