Жорий йилнинг 23-25 октябрь кунлари Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида «World of Trade – 2024» кўргазмаси бўлиб ўтмоқда. Кўргазмада BMB HOLDING ҳам тизимда етиштирилаётган ва чуқур қайта ишланаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан иштирок этмоқда.
Кўргазма давомида иштирокчиларга Ҳолдинг фаолияти ва унинг тизимидаги корхоналар томонидан етиштирилган ҳамда BMB Agroplus корхонасида чуқур қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, BMB Za’faron бренди остида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, ўзбек заъфарончилигида эришилаётган ютуқлар ҳамда Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида жойлашган BMB-NRC Agrologistics мажмуаси имкониятлари ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, Россия, Белорусия, Арманистон ва Қозоғистон давлатларидаги йирик савдо тармоқлари вакиллари билан B2B форматидаги учрашувлар, хусусан, Galmart(Қозоғистон), Реаль(Россия), Tomart(Қозоғистон), Prima(Қозоғистон), Magnum(Қозоғистон), Emka(Россия), Baraka Market (Ўзбекистон) каби супермаркетлар тармоқларининг тижорат директорлари билан ўзаро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Келгусида мазкур форматдаги учрашув ва музокараларни давом эттириш, юқорида таъкидланган савдо тармоқларда Ҳолдинг маҳсулотларини жойлаштириш, шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш учун қулай муҳит яратиш, янги бозорларга чиқиш ва турли минтақалардаги талабни ўрганиш борасида ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.
Қолаверса, BMB HOLDING озиқ-овқат етиштирувчилар орасида энг кўп ритейллар танлаган ташкилот сифатида «Выбор ритейлера в категории FOOD» номинациясида ғолиб бўлди.