ХИТОЙНИНГ VOSTOSUN GROUP UC КОМПАНИЯСИ РАҲБАРИЯТИ БИЛАН УЧРАШУВ БЎЛИБ ЎТДИ
Жорий йилнинг 18 октябрь куни BMB HOLDING Бош офисида Хитойнинг VOSTOSUN GROUP UC компанияси таъсисчиси
Гао Вэйхуа хоним билан учрашув бўлиб ўтди.
Маълумки, Хитой давлати анъанавий равишда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, халқ табобати, тиббиёт ҳамда фармакология соҳасидаги ютуқлари билан дунёда энг илғор мамлакатлардан бири саналади. Қолаверса, кўплаб касалликларни даволашда самарали восита бўлган ва қатор дори воситаларининг кимёвий таркибидаги табиий компонент ҳисобланган заъфарон Хитой бозорларида жуда талабгирдир.
Шу нуқтаи назардан, учрашувда асосий эътибор BMB Za’faron бренди остида етиштирилаётган заъфарон ва ундан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни Хитойга экспорт қилиш, заъфарон маҳсулотидан Хитойнинг бир қанча фармацевтика ва косметика компаниялари билан ҳамкорликда ушбу соҳаларда фойдаланишни йўлга қўйиш, Хитойда ўтказиладиган халқаро кўргазмаларда заъфарон маҳсулоти билан иштирок этиш каби масалаларга қаратилди.
Келгусида Чин юртига Ўзбек заъфаронини экспорт қилиш, ҳамкорликда мазкур мамлакат минтақаларида унинг дистрибуциясини йўлга қўйиш ҳамда халқаро савдо-кўргазма ярмаркаларида заъфаронли маҳсулотлар бурчагини ташкил этишга келишиб олинди.