“Онлайн” тарзда кечган манфаатли суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Бельгия савдо-иқтисодий алоқаларининг тадрижий ривожи шубҳасиз, икки мамлакат ишбилармон доираларининг амалий ҳамкорлиги натижаларига кўп жиҳатдан боғлиқ экани алоҳида таъкидланди. Қолаверса, Бельгия ҳақида сўз кетганда, ғарбий Европада Бенилюкс дея аталмиш Халқаро иқтисодий ва божхона ташкилотига аъзо яна икки давлат – Нидерландия ва Люксембург намоён бўлади. Бу эса ўз навбатида ягона мезон, эҳтиёж ва талабларга эга учта янги ва истиқболли истеъмол бозори деганидир. Агар ушбу мамлакатлар иқтисодиётида етакчи ўрин тутувчи қандолатчилик, озиқ-овқат ва дори- дармон саноатида заъфарон маҳсулотидан кенг фойдаланилиши ҳисобга олинса, Бахмал туманида етиштирилиб, чуқур қайта ишланаётган шифобахш заъфарон ўсимлигини бу ўлкаларга экспорт қилиш имкониятлари янада кенгаяди. Шунингдек, мулоқот чоғида холдинг таркибидаги аграр соҳага ихтисослашган корхона ва кластерларнинг турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва қуритилган мевалар, жем ва шарбатларни Қироллик бозорига етказишда қулай транспорт-логистика йўналишлари орқали Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини янада юксалтириш билан боғлиқ вазифалар ҳам атрофлича муҳокама қилинди.