BMB HOLDING Кузатув Кенгаши раиси бошчилигидаги делегациянинг Европа мамлакатларига ташрифи доирасида Италияда ўтказилган бир қатор самарали учрашувлардан сўнг, бугун 27 январь куни, Вена шаҳрида Ўзбекистоннинг Австриядаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Бахтиёр Ибрагимов билан учрашув ўтказилди.
Учрашув давомида асосий эътибор Ўзбекистон ва Австрия ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестициявий йўналишларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига қаратилди ҳамда ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришда хусусий сектор вакиллари ва ишбилармон доираларнинг ўрни муҳимлиги алоҳида қайд этилди.
Суҳбатдан сўнг, Ҳолдинг Кузатув Кенгаши раиси Бекзод Маматқулов ҳамда AGROTEC HANDELS компанияси Президенти Борис Кандов ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Музокаралар давомида, аввалги эришилган келишувга асосан Вена шаҳрида Австрия-Ўзбекистон қўшма корхонасини ташкил этиш бўйича қонунчиликда белгиланган норматив ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнини тез орада якунлаш, Австрия ва Австрия орқали бошқа Европа мамлакатларига чуқур қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини тизимли етказиб беришни йўлга қўйишга келишиб олинди.