Жорий йил 6 февраль куни Тошкент шаҳридаги Hilton меҳмонхонасида BMB HOLDING Таъсисчиси, Кузатув Кенгаши Раиси Бекзод Маматқулов бошчилигида Ҳолдинг Таъсисчилар Кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Кун тартибидаги асосий эътибор 2024 йил якунлари ҳамда 2025 йилга мўлжалланган истиқболли вазифалар таҳлилига қаратилди.
«Бизнес муваффақиятининг калити – халқаро стандартларга мувофиқ ишлаш, юқори сифатли хизмат кўрсатиш ва замонавий технологияларни жорий этишдир. Бунга куни кеча Европа давлатларига амалга оширган ташрифимиз чоғида яна бир бор амин бўлдик. Шу боис, Ҳолдингимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришдан тортиб, экспорт ва хизмат кўрсатиш соҳаларигача бўлган ҳар бир йўналишда сифат ва самарадорликка алоҳида эътибор қаратамиз. Шунингдек, Президентимиз раҳнамолигида соҳа ривожи учун амалга оширилаётган ислоҳотлар жаҳон бозоридаги конъюнктура ўзгаришларига мослашиш, рақобатбардошликни ошириш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашни тақозо этмоқда» — деди Б. Маматқулов.
Йиғилишда дастлаб, бошқарув, қурилиш ва ишлаб чиқариш тизимида эришилган натижалар, таркибий – тадрижий ўзгаришлар хусусида маълумот берилди. Шунингдек, жорий ва кейинги йилларда инвестицион салоҳият ва экспорт географиясини кенгайтириб, ташқи иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини ошириш, сифатли органик мева-сабзавотлар ҳисобига чуқур қайта ишлаш, ташқи бозорларни ўзлаштиришда қўшимча қиймат яратувчи экспортбоп маҳсулотлар тайёрлаш каби муҳим йўналишлар муҳокама қилинди.
Қолаверса, йиғилишда Ҳолдинг таркибига кирувчи корхона – ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботлари, янги режалари эшитилиб, 2025 йилга мўлжалланган ривожланиш стратегиясини мақсадли амалга ошириш бўйича зарур чора – тадбирлар белгиланди.