Компаниямиз қўшилган қиймат занжирини яратиш, замонавий технологиялар асосида сифатли ва рақобатбардош қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сақлаш ва сотиш (экспорт) жараёнларини кенг тадбиқ қилиш ҳамда уларни тез ва сифатли равишда етказиб беришни назарда тутган кластер тизимини кенг жорий этмоқда. Хусусан, ўтган давр мобайнида компания тизимида ВMB Agro Trade – озиқ-овқат ҳамда BMB Agroklaster – мева-сабзавотчилик кластерлари ўз фаолиятини бошлади.
BMB Trade Group компанияси Жиззах вилояти Ш. Рашидов туманида компания тизимидаги кластерлар томонидан етиштирилган маҳсулотларни чуқур қайта ишлашни ташкил этиш, қадоқлаш ва хорижий давлатлар бозорига экспорт қилиш мақсадида умумий қиймати 27,17 млн. АҚШ доллари миқдоридаги инвестициявий лойиҳани амалга оширмоқда. Лойиҳа икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичнинг умумий қиймати 9,57 млн. АҚШ долларини ташкил этиб, босқични амалга оширишда ўз маблағлари ҳамда “O’zsanoatqurilishbank” АТБ кредит маблағлари жалб этилди. Мазкур босқични жорий йилнинг сентябрь ойида ишга тушириш режалаштирилган. Лойиҳанинг иккинчи босқичида эса жами 17,6 млн. АҚШ доллари ўзлаштирилади ҳамда тўлиқ ишга тушиши 2024 йилнинг сентябрь ойига режалаштирилган.
Бельгия, Италия, Туркия ва Хитой давлатларининг етакчи компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган замонавий ускуналар йилига 40 минг тоннадан ортиқ мева-сабзавот маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш имкониятини беради.
Бугунги кунда ишлаб чиқариш биноси қурилиши ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини барпо этиш ишлари жадаллик билан амалга оширилмоқда. Қурилиш ҳамда асбоб ускуналар ўрнатиш ишлари жорий йилнинг 3-чорагида якунланиши режалаштирилган.
Маҳсулот етиштиришдан чуқур қайта ишлашгача бўлган тўлиқ занжирни ташкил этиш, шунингдек, маҳсулот етиштириш, қайта ишлаш, қадоқлашдаги тадбирларга Германиялик мутахассислар жалб қилинади. Мажмуада тайёр маҳсулотларга сертификат тақдим этувчи аккредитациядан ўтказилган лаборатория ташкил этилади. Турли ассортиментдаги тайёр маҳсулотлар тўғридан-тўғри Германия ички бозорига ҳамда Германия орқали Европа ва бошқа давлатларга етказиш режалаштирилган.
Шунингдек, замонавий қайта ишлаш корхонасини барпо этилиши ўз навбатида мазкур ҳудудда 240 та доимий ҳамда 800 та мавсумий иш ўринлари яратилишига хизмат қилади.
Ишлаб чиқариш қувватларининг тўлиқ ишга тушиши билан қуритилган мева-сабзавотлар, мураббо, консерва, пюре ва паста каби чуқур қайта ишланган маҳсулотлар ички бозорни турли хилдаги юқори сифатли ва рақобатбардош тайёр маҳсулотлар билан таъминлашга, шунингдек, келгусида уларни йирик ташқи бозорларга узлуксиз ва тизимли равишда йўналтиришга замин яратади.